Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклади.
Ўз табрик сўзида президент ўтган 32 йилга назар солиб, бўлиб ўтган қийинчиликлар ва эришилган ютуқларни айтиб ўтди.

"Ўттиз икки йил аввал туғилган гўдак бугун ўзининг мустақил фикри, дунёқараши, орзу-истаклари ва мақсадларига эга шахс сифатида вояга етди. Худди шу сингари, бугунги Ўзбекистон ҳам, ўтган даврда турли синовларда тобланиб, тажриба орттириб, ўзининг аниқ мақсади ва йўли, позициясига эга бўлган катта давлат сифатида шаклланди", - деди давлат раҳбари.

Шунингдек, президент ўз табрик сўзида ўқитувчилар, деҳқонлар, ҳарбийлар, тадбиркор ва ҳатто хорижда яшаётган ватандошларни ҳам айтиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев поздравил узбекистанцев с Днем Независимости
"Мана шу шукуҳли дамларда ҳар қандай шароитда ҳам ўз касбига содиқ қолиб, ёш авлодимизга илм-фан асосларини ўргатиб келаётган ҳурматли муаллим ва мураббийларни, халқ саломатлиги йўлида ўзини аямасдан хизмат қилаётган жонкуяр шифокорларни, эл-юрт дастурхонини янада тўкин қилиш учун далаларимизда фидокорона меҳнат қилаётган миришкор деҳқон ва фермерларимизни, она юртимиз қалқонлари бўлган жасур ҳарбийларимизни, иқтисодиётимиз ривожи, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида жонбозлик кўрсатаётган тадбиркорларимизни, ўзининг дастлабки ютуқлари билан барчамизни хурсанд қилаётган азму шижоатли ёшларимизни, қалб тўла меҳри, улуғ фазилатлари билан хонадонларимиз устуни бўлиб келаётган ҳурматли опа-сингилларимизни, ҳар бир ишда дуогўй бўлиб, бизга Яратгандан куч ва мадад тилаб турган муҳтарам отахон ва онахонларимизни, дунёнинг қайси ўлкасида бўлса ҳам, Ўзбекистон соғинчи билан яшаётган азиз ватандошларимизни, бир сўз билан айтганда, 36 миллионлик бутун халқимизни бугунги улуғ байрам билан чин қалбимдан самимий табриклайман", - деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, тарихига назар солиб, қатағон йилларида айбланган 856 нафар ўзбекистонликлар оқланганини, пахта сиёсати оқибатлари ва бошқа муҳим воқеаларни ҳам айти бўтди.
Шавкат Мирзиёев поздравил узбекистанцев с Днем Независимости
Президент қўшни мамлакатлар билан муносабатлар янги даражага кўтарилганини алоҳида қайд этди.
"Президент сифатида дастлабки ишларимдан бири қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш бўлди. Йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолар ҳал этилди. Бунинг натижасида Марказий Осиё давлатлари билан барча соҳалардаги алоқаларимиз янги босқичга чиқди", - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, республика сўнгги йилларда эришган иқтисодий ютуқлар ҳам тилга олинди.
"Сўнгги 6 йилда юртимизда ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,5 мартадан зиёд, тадбиркорлик субъектлари сони 2 карра кўпайгани, саноатдаги ўсиш 40 фоиздан ошгани буни яққол тасдиқлайди. Қисқа муддатда камбағалликни 2 баробардан зиёд қисқартиришга эришдик", - деди Шавкат Мирзиёев.
Таълим соҳасида эришилган ютуқлар ҳам алоҳида айтиб ўтилди.
"2022 йили мамлакатимизда 72 та янги мактаб қурилди, 279 таси капитал таъмирдан чиқарилди, 514 та мактаб эса реконструкция қилинди. Мактаблар учун 30 мингдан ортиқ компьютер харид қилинд. Янги ўқув йилидан республикамиз мактабларида хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассислари болаларимизга дарс беради", - деди президент.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни, уларнинг яхши таълим олиши, касб ўрганишига ҳам сўнгги йилларда катта эътибор қаратилаётганини айтиб ўтди.
"Олдимизда турган яна бир муҳим вазифа – жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар учун тенг имкониятлар яратишдир. Ҳурматли хотин-қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, касб соҳаси бўйича ўсишини таъминлаш борасида ўтган даврда кўп ишларни амалга оширдик. Шу билан бирга, бу йўналишда қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас", - деди президент.
Шавкат Мирзиёев поздравил узбекистанцев с Днем Независимости
"Фурсатдан фойдаланиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фидокорона меҳнат қилиб келаётган барча юртдошларимизга, она халқимга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.
Сиз, азизларни, каттаю кичик барча ватандошларимни бугунги улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман.
Барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимиз ҳамиша омон бўлсин! Гўзал юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлсин!
Жонажон Ватанимизга кўз тегмасин!", - деб табрик сўзларини якунлади президент.
Шавкат Мирзиёев поздравил узбекистанцев с Днем Независимости