ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 2024 йил 1 январдан "счётчикларсиз" ер ости сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Нурбек Пўлатов маълум қилди.
Республиканинг 7 та вилояти 21 та туманида ер ости сувлари сатҳининг 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб кетаётган ҳолатлар кузатилган.
“Мазкур ҳудудларда сувга қудуқ бурғилаш ва улардан фойдаланиш бўйича мораторий жорий этилди. Мораторий жорий этилган ҳудудлар ер ости сувлари ҳолатидан келиб чиқиб, ҳар йили янгилаб борилади ҳамда вазирликнинг веб-сайти ва бошқа очиқ манбаларда эълон қилинади”, дейди Пўлатов.
Ер ости сувлари сатҳнинг ўртача кўп йиллик сатҳга нисбатан 5 метрдан ортиқ пасайиб кетган ҳудудларда ер ости сувларидан фақат ичимлик мақсадларида фойдаланиш мумкин.
Бунда ерларни суғориш ва ишлаб чиқариш мақсадларига гидрогеологик хулоса бериш, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ҳамда мавжуд қудуқлардан ерларни сув тежовчи технологияларсиз суғориш тақиқланади.