ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Бугун, 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлди. Маросимда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.
“Ҳар сафар бу ерга келиб, халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган жасур боболаримизни эслаб, кўнглимиз таскин топади. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Қатағон қилинган етакчиларимизнинг тақдири барчамизни мустақиллигимизни қадрлашга, уни асраб-авайлашга ундайди. Мана шундай мустақилликда, тинчликда яшашнинг ўзи Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, неъмати. Бунинг учун шукроналик билан, унинг қадрига етиш керак”, - деди президент.
1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташлангани ёдга олинди.
“Бу борада адолатни тиклаш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Тарихчи олимлар иштирокида комиссиялар тузилди, архив ҳужжатлари ўрганилаяпти. Охирги икки йилда Ўзбекистон Олий суди 850 нафардан зиёд, бу йил 240 нафар ана шундай жабрдийда ватандошларимизнинг номини оқлади. Бундай изланишларни ҳеч қачон тўхтатмаслигимиз керак. Негаки ҳақиқатни халқимиз билиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлади.
“Музейлар қилдик, китоблар чиқаяпти, кўпчилиги оқланяпти. Лекин шу билан унутилиши керак эмас. Менинг назаримда, қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган маҳаллада, ўша ердаги мактабда уларнинг номларини ёзиб қўйсак, ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўларди. Қолаверса, мана шундай байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш керак. Нега уруш қатнашчиларини уйига борамизу, қатағон қурбонларини эсламаймиз?! Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти – қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз керак”, - деди давлат раҳбари.
Мутасаддиларга жадидлар тарихини ўрганаётган тадқиқотчиларга мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларда материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
“Халқимиз у даврни яхши билиши, фахрланиши керак. Ёшлар “Бизнинг боболаримиз истиқлол орзусида курашган, ўзини аямаган, биз мустақиллик учун нима қилаяпмиз”, деб ўзига савол бериши зарур. Мустақилликнинг мустаҳкам замини нима ўзи? Аввало, ватанпарварлик, билим, маънавият. Жамиятимизда ана шундай ватанпарварлик руҳини, шукроналик руҳини кучайтиришимиз керак”, - дея таъкидлади президент.