Меҳмонхоналар “юлдуз” олиши бўйича давлат стандарти қабул қилинди

Ўзбекистонда туризм соҳаси илғор ривожланган давлатларнинг меҳмонҳоналарга юлдуз тоифасини белгиловчи талабларни ўрганилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 авг — Sputnik. Юлдуз тоифасига эга меҳмонхоналарга доир талабларни белгилайдиган давлат стандарти қабул қилинди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 1 октябрга қадар хорижий консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда камида 50 та меҳмонхонага "тўрт юлдуз" ва 200 тасига "уч юлдуз" олиб бериш чораларини кўриш вазифаси белгиланган.
Шу боис Туризм қўмитаси томонидан туризм соҳаси илғор ривожланган давлатларнинг меҳмонҳоналарга юлдуз тоифасини белгиловчи ҳужжатларининг талаблари ўрганилди.

“Ўрганиш натижасида, амалдаги давлат стандарти талаблари қайта кўриб чиқилди ва балли таснифлаш орқали юлдуз тоифасини берувчи янги стандарт лойиҳаси Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси билан биргаликда ишлаб чиқилди. Янги давлат стандартига киритилган талаблар "Hilton", "Hampton by Hilton", "Hyatt Regency Tashkent", "Wyndham Hotels & Resorts" меҳмонхоналари бизнес вакиллари ва бошқа меҳмонхона вакиллари билан келишилди”, - дейилади хабарда.

Туризм қўмитаси қошидаги СТҚ 4 “Туризм ва маданий мерос” стандартлаштириш бўйича техник қўмита томонидан Ўз ДСт 3296:2023 “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситалари. Балли таснифлаш тизими” давлат стандарти ишлаб чиқилди.

"Ўз ДСт 3296:2023 давлат стандарти меҳмонхоналарни балли асосда таснифлаш тизимини белгилайди. Тоифалар “*” (юлдуз) белгиси билан белгиланади ва бешта тоифа бўйича таснифланади. Жойлаштириш воситалари учун – энг юқори тоифа “*****” (беш юлдуз) ва энг паст “*” (битта юлдуз) ҳисобланади", - дейилади хабарда.

Эндиликда жойлаштириш воситалари мазкур давлат стандартининг иловасига мувофиқ таснифланади. Бунда “м” бажарилиши мажбурий бўлган талабларни белгилайди. Мажбурий бўлмаган талаблар бажарилганда эса қўшимча балл берилади. Баллар йиғиндисига кўра тегишли юлдуз тоифаси берилади.
Мисол учун, барча тоифа меҳмонхоналар учун тозалик ва гигиена қоидаларига амал қилиниш, фасад, балконлар, лоджияларнинг сифати ва ҳолати ташқи нуқсонларсиз, фасаднинг олдинга чиққан элементлари ёрилмаган, бузилмаган, шикастланмаган, металл конструкцияларнинг бир-бири билан пайвандланган жойлари занг доғларисиз бўлиши мажбурий ҳисобланади.
Автотураргоҳ, автомобиллар ва автобус тўхтаб туриш имконияти мавжуд бўлса 3 балл берилади. Автомобиллар учун ўзига ўзи хизмат қилувчи ювиш постининг мавжудлиги учун 5 балл белгиланган.
Имконияти чекланган шахслар учун ўриндиқли электрон аравача бўлиши мажбурий эмас, лекин агар у мавжуд бўлса у ҳолда меҳмонхона 3 балга эга бўлади.
Мазкур давлат стандарти жорий йилнинг 7 ноябридан амалга жорий этилади. Янги давлат стандарти амалга жорий этилган санадан Ўз ДСт 3296:2018 давлат стандарти ўз кучини йўқотган ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 январдан 3 юлдузли тоифа учун 60 та хонадан кам бўлмаган, 4 ва 5 юлдузли тоифа учун 120 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга беш қаватдан паст бўлмаган меҳмонхона 2026 йил 31 декабргача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач, харажатлар қоплаб берилади.