ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. 2024–2026 йиллар давомида Жиззах вилоятида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш кўчма станцияларини яратиш, янги қаттиқ маиший чиқинди полигонларини қуриш ва амалдаги полигонларда замонавий талабларга жавоб берадиган чиқиндихоналарни қайта қуриш ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
2021 йил 2 декабрь куни Жиззахда 2022–2026 йилларда чиқинди соҳасини ривожланган мамлакатлардагидек ташкил этиш ва ривожлантириш юзасидан Жанубий Кореянинг атроф-муҳит саноати ва технологиялари институти ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ўртасида қўшма Меморандум имзоланган. Лойиҳа учун 6,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант ва 90 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари ажратилган.
Таъкидланишича, Шароф Рашидов туманидаги чиқиндилар полигонида 500 кВт-1 МВт қувватига тенг чиқинди полигонларидан чиқаётган газларни йиғиш иншооти ва 500 кВт-1 МВт қувватга эга электр станциясига уланиши мумкин бўлган чиқинди газ йиғиш тизими қурилади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Зомин ва Шароф Рашидов туманларида 3 та экологик норма ва санитар талабларга жавоб берадиган қаттиқ маиший чиқинди полигонлари, 5 та ҳудудда компостлаш ва чиқиндиларни саралаш комплекси ҳамда Зарбдор, Арнасой, Пахтакор, Мирзачўл, Янгиобод ва Бахмал туманларида 6 та чиқиндиларни қайта юклаш станциялари қурилади.