Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИ қандай кенгаяди ва Ўзбекистон унга қачон қўшилади — эксперт жавоби

Айни пайтда бир қатор давлатлар ЕОИИ мамлакатлари билан эркин савдо зонасини яратиш бўйича шартномалар тузмоқчи.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) постсовет ҳудудидан ташқарига чиқишга интилмоқда ва бир қатор хорижий давлатлар мазкур ташкилот билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Улар орасида Вьетнам ва Эрон ҳам бор.
Бундай фикрни Man’o Илмий ташаббуслар маркази директори Бахтиёр Эргашев айтиб ўтди.
Бахтиёр Эргашев
Экспертнинг фикрича, ЕОИИ ҳам ресурслар, ҳам саноатнинг турли соҳаларида илғор технологиялар бўйича жиддий салоҳиятга эга.

“Биз биламизки, бир қатор давлатлар ЕОИИ мамлакатлари билан эркин савдо зонасини яратиш бўйича шартномалар тузмоқчи. Масалан, булар Вьетнам ва Эрон. Иттифоқ улар учун катта қизиқиш уйғотмоқда, чунки ташкилот нефт, газ, ғалладан тортиб энг замонавий тармоқлардаги илғор технологияларгача бўлган ресурсларнинг мавжудлиги нуқтаи назаридан анча жиддий салоҳиятга эга”, - дейди у.

Эргашевнинг таъкидлашича, Россиянинг атом саноати, авиация саноати, ҳарбий-саноат мажмуаси ҳам ЕОИИга аъзо бўлишни режалаштираётган кўплаб мамлакатларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
“ЕОИИ иқтисодий ҳамкор сифатида, 200 миллиондан ортиқ одамни ўз ичига олган ассоциация сифатида келгусида ўсиш учун жуда жиддий салоҳиятга эга. У турли форматларда ривожланади ва кенгаяди", - дея ишонч билдиради эксперт.
Эргашев, шунингдек, ҳозирда ЕОИИда кузатувчи давлат бўлган Ўзбекистоннинг ташкилотга босқичма-босқич интеграциялашуви давом этаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда божхона, тариф ва бошқа масалаларни тартибга солувчи қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани синхронлаштиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Экспертнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиши учун барча зарур тартиб-қоидалар 2-3 йил давом этади.

“Ўйлайманки, барча соҳалардаги қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани синхронлаштириш орқали Ўзбекистоннинг ЕОИИга босқичма-босқич ва муаммосиз кириши яқин 2-3 йил ичида якунланади”, — деб ҳисоблайди эксперт.

Эргашевнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши ЕОИИ, хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётига жиддий устунлик беради, чунки Иттифоқ мамлакатлари бозорлари республика учун асосий ҳисобланади.
Аввалроқ Россия бош вазири Михаил Мишустин ЕОИИ янги ҳамкорлар учун очиқ эканини айтганди.
“Евроосиё иқтисодий иттифоқи энди шаклланаётган кўп қутбли дунё қутбларидан бири ролини ўйнамоқда. Ва янги ҳамкорлар учун очиқ қолади. Биз замонавий шароитда бошқа давлатлар ва минтақавий бирлашмалар билан ўзаро алоқаларни оширишга алоҳида эҳтиёж борлигини яхши тушунамиз”, — деди у.