Таэквондо: Ўзбекистонлик Ислом Акчурин кадетлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди

Ислом Акчурин италиялик рақиби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик Ислом Акчурин кадетлар ўртасида таэквондо бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Бу ҳақда Таэквондо WТ ассосиацияси хабар берди.
Сараево шаҳрида (Босния ва Герцеговина) кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Хитой Тайпейи вакили Чен Вуга қарши кечган беллашувда Ислом ортиқча қийинчиликсиз 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга йўл олди.

“Финал баҳсида италиялик рақиби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ҳамюртимиз кадетлар ўртасида Жаҳон чемпионига айланди”, - дейилади хабарда.

Ўғил болалар ўртасида -152 см да баҳсларда иштирок этган Ислом Акчурин нимчорак финал жангида грузиялик рақибини мағлуб этди. Шундан сўнг, полшалик рақибини, ярим финалда эса Хитой Тайпейи спортчисини мусобақадан чиқариб юборди.