ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Кеча, 28 август куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Мисрнинг “Hassan Allam Holding” компанияси ижрочи директори Маҳмуд Эл-Эссавий билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, суҳбатда асосий эътибор компания тажрибаси ва инвестицияларини жалб қилиш истиқболлари ва Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларида лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилди.
Миср томони Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгаришларни юқори баҳолади ва қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, энергетика, сув таъминоти, металл ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни имзолаш ва эришилган келишувларни бажаришга киришиш юзасидан компания бош директорининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи келишиб олинди.
Маълумот учун, “Hassan Allam Holding” 1936 йилда ташкил топган. Мисрдаги энг йирик молиявий ва саноат корпорацияларидан бири. Охирги 5 йил ичида у Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида 70 та лойиҳани муваффақиятли амалга оширди. “Forbes” компанияни 100 та энг яхши араб оилавий корхоналар рейтингига киритган. Активлари - 8 миллиард доллар, ишчилар сони эса - 45 минг нафар ходимни ташкил қилади.