Мирзиёев таълим соҳасида икки нафар фуқарони мукофотлади — улар кимлар?

Президент Абдикарим Саксанов ва Мамуражон Султановани мукофотлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Шавкат Мирзиёев яна икки нафар фуқарони мукофотлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Президентнинг тегишли фармони билан Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги "Саксанов" масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Саксанов Абдикарим Юлдашович "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди.
Мазкур мукофот Саксановга тадбиркорлик соҳасида кўплаб истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келаётгани, мамлакатда таълим тизимини ривожлантириш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ишларидаги катта хизматлари учун берилди.
Шунингдек, Наманган вилояти Косонсой туманидаги 9-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати директори Султанова Мамуражон Рахмановнага "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" фахрий унвони берилди.
Султанова мазкур унвон таълим тизимини ривожлантириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик технологияларни жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун берилди.