Мирзиёев Божхона расмийлаштируви маркази билан танишди — фото

Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Бугун, 29 август куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган эди. Жумладан, шу мақсадда Давлат божхона қўмитасида Божхона расмийлаштируви маркази барпо этилди.
Президент ушбу мажмуани бориб кўрди.
Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган.
1 / 9
2 / 9
3 / 9
4 / 9
5 / 9
6 / 9
7 / 9
8 / 9
9 / 9
Маълумотларни қайта ишлаш маркази амалдаги захирага нисбатан ўн баробар катта ҳажмли замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган. Бу алоқа каналлари тезлигини 5 баробарга ошириш ва расмийлаштирув вақтини 2 баробарга қисқартиришни таъминлайди. Бутун тизим киберҳужумлардан ҳимояланган.
Масофавий электрон декларациялаш постида дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари масофадан туриб юборадиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш йўлга қўйилди. Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.
“Call-марказ”да божхона органларининг 11-08 ишонч телефони ҳамда қўмита веб-сайти орқали келиб тушаётган мурожаатларга жавоб берилади.
Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлими Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида очилган.
Марказий божхона лабораторияси ҳам экспертиза жараёнларини қисқартириш ва аниқлигини оширишга қаратилган илғор ускуналар билан жиҳозланди.
“Бу шароитлар, натижалар, албатта, одамни қувонтиради. Лекин рақамлаштириш шундай жараёнки, бир жойда чекланиб қолмайди. Соҳада қилинган ишлардан кўра, қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Шунинг учун қулайликларни мунтазам ошириб бориш зарур. Тизим фаолиятига тадбиркорлар баҳо бериши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Импорт таркибининг таҳлили асосида маҳаллий тадбиркорларга таклиф бериш, божхона ҳудудида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ходимларнинг моддий-ижтимоий шароитларини яхшилаб, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш вазифаси қўйилди.