ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқартирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.
Таъкидланишича, олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган 10-11 синф ўқувчиларига "кимё – биология", "математика – физика", "математика – чет тили", "она тили ва адабиёт – чет тили" фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.
Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сентябрдан бошлаб ушбу тажрибани салоҳияти ва тайёргарлиги бор 135 та мактабда йўлга қўйиш топширилди. Келгуси ўқув йилидан камида 1 мингта мактаб ушбу тизимга ўтказилади.
Дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгариши таъкидланди. Бунда 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади.