ТОШКЕНТ, 28 авг — Sputnik. Беларусь БРИКС, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) мамлакатларининг қўшма саммитини ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда республика ташқи ишлар вазири Сергей Алейник маълум қилди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, ЕОИИ ҳам, ШҲТ ва БРИКС ҳам аслида бу дўст ва маслакдош давлатларнинг иттифоқларидир.
“Бу тузилмаларни бириктириш адолатли инклюзив кўп қутбли дунёни барпо этиш жараёнларини тезлаштирган бўларди”, - деди Алейник ОНТ телеканали эфирида. Унинг сўзларидан Sputnik Беларусь иқтибос келтирган.
Беларусь ТИВ раҳбари БРИКС-ЕОИИ-ШҲТ саммитини ўтказиш ташаббусини Беларусь президенти Александр Лукашенко ўтган йил декабрь ойида Бишкекдаги ЕОИИ саммитида илгари сурганини эслатди. Бу ғоя 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтган БРИКС саммитида ҳам илгари сурилган
Алейникнинг фикрича, бу ташаббус мазкур бирлашмалар етакчиларига барқарор иқтисодий ривожланиш ва савдо-сотиқ учун яхши шарт-шароитлар яратишга қаратилган кун тартибини муҳокама қилишга имкон беради.