ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Нонушта кун бўйи инсонни энергия ва зарур озиқ моддалари билан таъминлайди. Бу ҳақда шифокор Гули Шайхова маълум қилди.
Нонушта – кунлик овқатланиш рационининг энг муҳим қисми. Шу сабабли дунё диетологлари эрталабки тамаддини мутлақо канда қилмасликни тавсия этади. Албатта ушбу одатдан воз кечмаслик учун бир қатор муҳим сабаблар мавжуд.
“Нонушта кун бўйи инсонни энергия ва зарур озиқ моддалари билан таъминлайди. Бу эса уни эътиборсиз қолдирмасликнинг асосий сабабларидан”, дейди Тошкент тиббиёт академияси Овқатланиш гигиенаси ва болалар, ўсмирлар гигиенаси кафедраси профессори Гули Шайхова.
Шунингдек, нонушта кишига кун давомида жисмоний ва руҳий қувват бағишлаб, кайфиятни кўтаради. Иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, миянинг самарали ишлашини таъминлайди.
Инсон, энг аввало, уйғонгандан сўнг, бир стакан илиқ сув ичиши лозим. Агар истаса, унга лимон шарбати қўшиш ҳам мумкин. Бу эса танани уйғотади, ичакларнинг тўғри ишлашига ёрдам беради. Қолаверса, овқат ҳазм қилиш ва эндокрин тизимлар биринчи таомга тайёрланади.
Сув ичгандан сўнг тахминан ярим соатдан кейин тамадди қилиш керак. Кўпчиликни энг мақбул нонушта вақти соат нечада бўлиши кераклиги қизиқтиради.
“Албатта бу савол индивидуал хусусиятга эга бўлиб, ҳар бир инсоннинг турмуш тарзига боғлиқ. Бироқ соат 7:00 дан 9:00 гача бўлиши мақсадга мувофиқ”, дейди у.
Баъзи инсонлар эрталаб нонушта қилишни ёқтирмайди. Кимдир иштаҳам йўқ деса, яна кимдир қорни очмаганини айтади. Бироқ бу яхши эмас ва улар бу одатга қарши курашиши лозим. Қарабсизки, икки ҳафта ўтгач, тананинг ўзи эрталаб ундан овқатлантиришни сўрайди.
Нонуштада гречка, жўхори уни, арпа, тариқ солинган ва сув ёки сутда тайёрланган бўтқалар ейиш жуда фойдали. Сабаби улар таркибида етарли миқдорда углеводлар бўлиб, ошқозонни тезда тўйинтиради ва узоқ вақт очликни ҳис қилмасликка ёрдам беради. Тухумни қовурилган ёки қайнатилган ҳолда истеъмол қилиш ҳам кун бўйи танани керакли витамин ва минераллар билан таъминлайди.
Шунингдек, кам ёғли творог, сут, кефир, табиий ёгурт ичиш организмни кўп миқдорда озуқа моддалари, Д витамини, калий ва калций билан тўйинтиради. Озишни истайдиганлар, кам ёғли сут ичишлари мақсадга мувофиқ. Қолаверса, нонуштада ёғсиз мол, товуқ, курка ва балиқ гўштидан тайёрланган таомларни танаввул қилиш кишига ажойиб тўйинганлик ҳиссини беради.
Эрталабки тамадди пайти хамиртуруш билан пиширилган овқатлар, цитрус мевалар, хом сабзавотлар, ёғли гўшт ва углеводга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш тавсия этилмайди.