ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Украинага қирувчи самолётлар етказиб берилишига қарамай, Россия ҳарбийларидан ошиб кета олмайди. Бундай фикрни Newsweek шарҳловчиси Марк Девис билдириб ўтди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Марк Девиснинг сўзларига кўра, Украина осмонида F-16 самолётларини дунёдаги иккинчи энг катта ҳаво кучлари кутиб олади.
“Россия армиясига нисбатан кичик Украина армияси 2024 йилнинг биринчи ярмида қўшинларни чекинишга мажбур қилади, деб ишониш учун ҳеч қандай асос йўқ. Ҳа, F-16 самолётлари тез орада келади, лекин украиналик учувчиларни тайёрлаш учун йилнинг кўп қисми керак бўлади ва улар ўқув курсини муваффақиятли тугатган тақдирда ҳам, уларни Украина осмонида дунёдаги иккинчи энг катта ҳаво кучлари кутиб олади”, деди у.
Шунингдек, у бўлажак президентлик сайловлари муносабати билан Украинани қўллаб-қувватлаш масаласи асосий омилга айланиб бораётганини таъкидлади.
Унга кўра, айнан номзоднинг Украина бўйича позицияси унинг тақдирини ҳал қилиши мумкин. Журналистнинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатларда Киевни молиялаштириш масаласида икки қутбли нуқтаи назар бор – молиялаштиришни дарҳол тўхтатишга қарши “керак бўлганича” қўллаб-қувватлаш.
Кузатувчининг хулосасига кўра, америкаликларнинг аксарияти мана шу икки чегара орасида.