Фарғона атиргул кўчатларини экспорт қилиш ҳажмини оширди

Қува туманидаги фермер хўжалиги бу йил 500 мингта гул кўчатларини экспорт қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 авг — Sputnik. Фарғона вилояти Қува туманида атиргул кўчатларини экспорт қилиш хажми ошди, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Қайд этилишича, сўхлик ва қувалик фермерлар 2021 йилда ҳамкорликда гул кўчатларини етиштириш бўйича "Асат водий гуллари" фермер хўжалигини ташкил этишган.
Фермер хўжалигига дунёнинг ривожланган давлатларидан гулларнинг 300 хил нави олиб келиниб, пайванд қилинди ва аста-секин экишга тайёрланмоқда.
“Бу ерда етиштирилган гул кўчатлари асосан Россияга экспорт қилинади”, дейилади хабарда.
Айтилишича, ўтган йили 300 минг дона гул кўчатлари экспорт қилинган. Бу йил кўрсатгич 200 мингтага ошди, яни 500 мингтани ташкил этмоқда.
Вазирлик маълум қилишича, гулзорларда, хонадонларда атиргулнинг “Қора магия”, “Папилон”, “Бургун”, “Салвидор”, “Кулин Елезавета”, “Московский”, “Президент”, “Анжелика” каби навларини етиштириш тавсия этилади.