ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўзбекистонда 26 августдан бошлаб тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилишда бир қатор тақиқлар кучга киради. Амалдаги янги қоидаларнинг муҳим жиҳатлари ҳақида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Тамаки ва ичимликлар саноати бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Рашид Тангриев тушунтириб берди.
Эртадан президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун кучга киради.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистонда доналаб ёки очилган сигареталар сотиш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади.
Рашид Тангриевнинг сўзларига кўра, таҳлиллар шуни кўрсатдики, ушбу соҳани тартибга солишни янада такомиллаштириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган, шунингдек, халқаро стандартлар, бугунги кун талаблари ва муаммоларига тўлиқ жавоб берадиган тегишли механизмларни жорий этишни тақозо этади.
Шу боис илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб, айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва муомалага чиқариш соҳасидаги мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга қарор қилинди.
Янги қонунни ишлаб чиқишда бу борадаги халқаро тажриба атрофлича ўрганилди.
“МДҲ, Осиё ва Европа мамлакатлари қонунчилиги, шунингдек, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди. Натижада халқаро стандартлар ва бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги янги қонун ишлаб чиқилиб, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди”, - дейди Рашид Тангриев.
Янги қонун 6 боб ва 45 моддадан иборат. Ҳужжатда бир қатор асосий жиҳатлар ва жорий этилган янгиликларни кўриш мумкин.
Биринчидан, асосий тушунчалар доираси сезиларли даражада кенгайтирилди ва илгари бозорда тақдим этилмаган бир қатор янги турдаги маҳсулотларга таърифлар берилди. Бу тамаки ва алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қонуний муомалада бўлиш жараёнларини янада батафсил тартибга солиш имконини беради, шу орқали санитария-гигиена ҳамда бошқа техник норма ва қоидаларга риоя этилишини таъминлайди.
Иккинчидан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи ваколатли давлат органлари белгиланди.
Янги қонунга кўра, ушбу соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширишда ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш бўйича тадбирларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, бевосита республика фуқаролари сифатида иштирок этиш таъминланади.
“Янги қонунда ушбу соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширишда бевосита иштирок этувчи 20 дан ортиқ давлат органларининг ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлари ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолияти аниқ белгилаб берилган”, - дейди Тангриев.
Учинчидан, янги қонунда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотиндан фойдаланиш учун қурилмаларни сотиш бўйича бир қатор чекловчи чоралар қабул қилинди.
Хусусан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамаки ва никотинни ишлатиш учун қурилмаларни сотиш тақиқланади:
йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар;
сотувчининг бевосита иштирокисиз, шу жумладан савдо автоматлари, бошқа электрон ёки механик қурилмалар орқали;
ўзига ўзи хизмат кўрсатиш токчаларидан;
электрон тижорат шаклида, шу жумладан, якуний истеъмолчиларга исталган усулда етказиб бериш (кўпикли ва табиий винолар бундан мустасно);
чиқиш савдоси йўли билан (қўллардан, товоқлардан, саватлардан, қўл араваларидан);
стационар савдо объектларидан ташқарида;
истеъмол ўрамисиз (пакет, блок) - тамаки маҳсулотлари ва тамаки ва никотинни ишлатиш учун қурилмаларга нисбатан;
доналаб ёки очилган (яхлитлигини бузган ҳолда) истеъмол ўрами (ўрам) - сигарет ва иситиладиган тамаки маҳсулотларига нисбатан;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслик ва бошқалар.
Бундан ташқари, янги қонун талабларига кўра, никотин ва инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказувчи бошқа моддаларнинг рухсат этилган максимал даражадан ошиб кетадиган тамаки, шунингдек, санитария-эпидемиология талаблари белгиланмаган тамаки маҳсулотлари муомалага чиқарилиши тақиқланади.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач, яъни 26 августдан кучга киради. Айрим тоифадаги товарларнинг муомаласини тақиқлаш бу қонун кучга кирган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгандан кейин кучга киради.
"Янги қонун нафақат ушбу соҳага оид масалаларни, балки аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ҳам таъминлайди, бу шубҳасиз, мамлакатнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади", - дея хулоса қилди Тамаки ва ичимликлар саноати бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.