ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, 25 август куни икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақида баённома (Бишкек шаҳри, 2023 йил 27 январь) кучга кирди.
Икки давлат ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун идентификация ID-картасидан амалда фойдаланиш ўзаро келишувга кўра, 2023 йил 1 сентябрь соат 00:00 дан бошлаб йўлга қўйилади.
Баённома билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартиби жорий этилди.
“Жумладан, бундан буён Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин”, - дейилган хабарда.
Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Қирғизистонга кириш, ундан чиқиш ва транзит орқали бошқа давлатларга ўтишлари мумкин.