ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. 1 сентябрдан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари икки давлат ҳудудига ID-карта билан ўтишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати маълум қиди, деб ёзади Sputnik Қирғизистон.
“2023 йил 1 сентябрдан Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари кириш, чиқиш ва икки давлат ҳудудида ҳаракатланиш ва бўлиб туриш учун бошқа юриш ҳужжатлари билан бир қаторда ID-карталардан фойдаланишлари мумкин”, - дейилган хабарда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил январида Қирғизистонга давлат ташрифи давомида фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома имзоланган эди.
У Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, худди шундай Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта билан киришлари мумкин бўлишини назарда тутади. Илгари фақат хорижга чиқиш паспорти билан мумкин эди.
Фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди.
Ушбу енгиллик исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобил, автобус ва ҳоказо) чегарани кесиб ўтишда амал қилади.
Ушбу тартиб, айниқса Ўзбекистоннинг эксклав ҳудудлари бўлган Сўх, Шоҳимардон, Чўнғара каби ҳудудларидаги ўзбекистонликлар учун катта енгиллик бўлди. Уларнинг чегарадан ўтишларидаги ортиқча бюрократияга чек қўйди.
Маълумот учун, бугунги кунгача ҳали бирорта давлат билан ID-карта орқали ўзаро бориб-келиш тартиби йўлга қўйилмаган эди. Қирғизистон биринчиси бўлди.