Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизими жорий қилинади

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизими 2 босқичда жорий қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизими жорий қилинади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган ПҚ–285-сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизими 2 босқичда жорий қилинади.
Унга кўра:
1-босқичда 2023–2024 йилларда чорвачиликка ихтисослаштирилган 25 та туманда ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тизимини жорий қилиш бепул амалга оширилади.
2-босқичда 2025–2026 йилларда республиканинг қолган туманларида.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси соҳада масъул орган ҳисобланади.
Қарор билан қўмита ҳузурида давлат муассасаси шаклида Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш маркази ташкил этилади.
Ҳайвонларни идентификация қилиш қандай амалга оширлади ?
Бунда ҳайвонларга биркалаш, тамғалаш, жетонлаш ва чип ўрнатиш орқали индивидуал рақам берилади, ҳайвонлар тўғрисида маълумотларни электрон ахборот тизимига киритилади ва уларга ветеринария паспорти расмийлаштирилади.
Ветеринария паспорти – бу ҳайвоннинг идентификация рақами, унинг эгаси, ҳайвонларнинг касалликларга қарши эмланганлиги, даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган ҳужжат.
Қонунчиликка кўра, фақат қорамол, қўй, эчки, чўчқа, от, эшак, туялар, итлар ва мушуклар идентификация қилинади. Паррандалар, қуёнлар ва бошқа ҳайвонлар идентификация қилинмайди.