ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши 26-27 октябрь кунлари Бишкекда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
“Навбатдан ташқари йиғилиш якунларига кўра ҳукуматлар раҳбарлари Евроосиё иқтисодий комиссияси кенгашига “Петербург декларацияси” лойиҳасини уни 2023 йил 26-27 октябрь кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган бўлажак Евроосиё ҳукуматлараро йиғилишида якуний кўриш чиқиш мақсадида ишлаб чиқишни топширишди”, - дейилган хабарда.
24 август куни Арманистоннинг Цахкадзор шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалги Евроосиё ҳукуматлараро кенгашин йиғилиши 7-9 июнь кунлари Сочида бўлиб ўтган эди. Йиғилишда, жумладан, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам қатнашган.
ЕОИИ 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлган. Молдова ва Куба ҳам кузатувчи мақомига эга.