Қорабоғда Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очилди — фото

Икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга байрамона тасмани кесиб, мактабни тантанали равишда очди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифининг иккинчи кунида икки давлат раҳбарлари рафиқалари билан бирга Фузулий ва Шуша шаҳарларига ташриф буюрдилар. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев 2021 йил 31 март куни ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.
Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Ўзбекистон президенти ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.
Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.
Икки мамлакат етакчилари рафиқалари билан бирга байрамона тасмани кесиб, мактабни тантанали равишда очди.
1 / 7
2 / 7
3 / 7
4 / 7
5 / 7
6 / 7
7 / 7
Президентлар ўқув бинолари ва мактаб ҳудуди билан танишиб, ўқувчилар билан самимий суҳбатлашдилар, уларга ўқишда муваффақият тиладилар.
Сўнг давлат раҳбарлари Фузулий шаҳрида барпо этилаётган уй-жой мажмуасига ташриф буюрдилар. Президентлар мажмуадаги хонадон эгалари билан учрашдилар.
Самимий суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг мустаҳкам дўстлиги ва қардошлик алоқалари ҳақида сўз борди.
Мирзиёев Фузулийда ҳаёт барқарор ҳолатга қайтаётганидан мамнунлигини билдирди, президент Илҳом Алиев раҳбарлигида Қорабоғни қайта тиклаш ва ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмуши учун қулай шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини юксак баҳолади. Озарбайжон халқига тинчлик, осойишталик ва равнақ тилаклари билдирилди.
Давлат раҳбарлари янги хонадонларни кириб кўрдилар. Сўнг етакчилар баландликдан туриб вайронагарчилик оқибатларини ва қурилиш ишларини боришини кузатдилар. Мирзиёевга Фузулийни қайта тиклаш режалари тўғрисида сўзлаб берилди.