ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. БРИКС ҳудудида доллардан воз кечиш (дедолларизация) ортга қайтмас жараёнга айланмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин бирлашма Ишбилармонлар форуми иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида маълум қилди.
“Бизнинг хўжалик алоқаларимизда доллардан воз кечишнинг объектив, ортга қайтмас жараёни жадаллашмоқда, ўзаро ҳисоб-китоб ва валюта-молия назоратининг самарали механизмларини ўрганиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. БРИКС доирасида экспорт-импорт операцияларда доллар улуши камаяётгани бунинг натижаси: ўтган йили у атиги 28,7 фоизни ташкил этди”, - деди Путин.
Россия раҳбари саммит чоғида БРИКС мамлакатлари етакчилари иқтисодий ҳамкорликнинг барча йўналишларида миллий валюталарга ўтиш билан боғлиқ қатор масалаларни батафсил муҳокама қилишларини маълум қилди.
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия ва яна қатор давлатлар долларга бўлган қарамликни изчил камайтираётгани ва миллий валюталардаги ҳисоб-китобларга ўтаётганини маълум қилгани хабар қилинган эди.
Бугунги кунда БРИКС Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкани бирлаштиради. Сўнгги пайтларда бу ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирган мамлакатлар сони ортиб бормоқда. Аргентина, Эрон, Жазоир, Тунис, Туркия, Саудия Арабистони ва Миср шулардан жумласидан.
БРИКС саммити 22-24 август кунлари Йоханнесбургда бўлиб ўтади. У ерга Хитой, Ҳиндистон, Бразилия етакчилари ташриф буюрган. Россия номидан эса мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қатнашади. Россия президенти Владимир Путин саммитда онлайн иштирок этишини маълум қилган.