ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. 22 август куни футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси (ОЧЛ) плей-офф босқичи учрашувлари бўлиб ўтди. Наманганнинг "Навбаҳор" ва Олмалиқнинг ОКМК клублари рақибларини мағлуб этиб, ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқди.
“Навбаҳор” Қатарнинг “Ал-Вакра” жамоасига қарши баҳс олиб борди. Учрашувнинг асосий бўлимларида ҳисоб очилмади. Ғолибни аниқлаш учун қўшимча бўлимларга мурожаат қилинди. 98-дақиқада эса наманганликлар ҳисобни очди.
Дониёр Абдуманнопов ягона голга муаллифлик қилди. Бу тарихий ғалаби билан “Навбаҳор” ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Миржалол Қосимов бошчилигидаги Олмалиқнинг ОКМК жамоаси Қатарнинг "Ал-Араби" клубига қарши майдонга тушди. Биринчи бўлимда дарвозалар ишғол этилмади. Иккинчи бўлимда эса Рубен Санчес “кончилар”ни олдинга олиб чиқди.
Ўйинда бу ягона гол бўлди ва ОКМК ғалаба қозонди. Бу ғалаба билан ОКМК ўз тарихида иккинчи маротаба ОЧЛда иштирок этадиган бўлди.
Бунгача "Пахтакор" Ўзбекистон чемпиони, "Насаф" эса Ўзбекистон Кубоги соҳиби сифатида гуруҳ босқичига чиқиб бўлганди.
Шу тариқа, ОЧЛнинг 2023/2024 йилги мавсуми гуруҳ босқичида Ўзбекистондан тўрт жамоа — "Пахтакор", "Насаф", "Навбаҳор" ва ОКМК иштирок этади.
ОЧЛ гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 24 август, пайшанба куни, Тошкент вақти билан 13:00 да Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтади.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон клублари, хусусан, сўнгги вақтларда Криштиану Роналду ("Ан-Наср"), Карим Бензема ("Ал-Иттиҳод"), Неймар ("Ал-Ҳилол") каби жаҳон футболи юлдузларини ўз сафига қўшиб олган Саудия Арабистони жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олиши мумкин.
ОЧЛ гуруҳ босқичига чиққан клублар
© ЎзПФЛ