ТОШКЕНТ, 23 авг — Sputnik. Ҳар йили 600 миллион одам овқатдан заҳарланади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси (Санэпидқўмита) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига таянган ҳолда хабар берди.
Айтилишича, микроорганизмлар ёки кимёвий моддалар билан ифлосланган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш оқибатида ҳар йили сайёрамизнинг деярли ҳар 10 аҳолисидан бири овқатдан заҳарланади, 420 минг киши вафот этади.
Касаллик келтириб чиқарадиган бактериялар, вируслар, паразитлар ёки зарарли кимёвий моддаларни ўз ичига олган хавфли озиқ-овқатлар диареядан саратонгача бўлган 200 дан ортиқ касалликларга сабаб бўлади.
“Озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланишларнинг 40 фоизи 5 ёшгача бўлган болаларга тўғри келади. Бу касалликлар ҳар йили 125 минг боланинг ҳаётига зомин бўлади”, - дейилади хабарда.
Диарея касалликлари ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида юзага келадиган энг кенг тарқалган касалликлардир. Ҳар йили 550 миллион киши касал бўлиб, 230 минг киши вафот этади.
Диарея беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг иккинчи асосий сабабидир.
У асосан ифлосланган озиқ-овқат ва сувни истеъмол қилиш натижасида ривожланади. Диареянинг энг кенг тарқалган иккита сабаби ротавирус ва ичак таёқчасидир. "Сryptosporidium" и "Shigella" каби бошқа патогенлар ҳам ташвиш туғдириши мумкин. "Salmonella" бутун дунё бўйлаб диарея касаллигининг тўртта асосий сабабларидан биридир. Баъзи ҳолларда бу патогенлар келтириб чиқарадиган касалликлар оғир ва ўлим билан якунланади.
Клиник кўриниши
Озиқ-овқатдан заҳарланишнинг клиник кўриниши касалликнинг тўсатдан бошланиши билан тавсифланади. Клиник кўриниши кўпинча ошқозон-ичак трактининг бузилиши характерига эга. Заҳарланиш қорин оғриғи, қусиш, ахлатнинг бузилиши ва умумий ҳолсизлик билан кечади. Аммо ботулизм ва қўрғошин бирикмалари билан заҳарланишда ушбу аломатлар кузатилмаслиги мумкин.
Қандай қилиб овқатдан заҳарланишнинг олдини олишда қуйидагиларга қатъий риоя қилиш зарур:
маҳсулотларни, айниқса тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотларни сақлаш муддатига аҳамият қаратиш;
гўшт, балиқ, ярим тайёр маҳсулотлар, салатларни музлаткичда сақлаш;
хом ва пишган гўшт, балиқларни қайта ишлашда алоҳида кесиш тахталаридан фойдаланиш;
хом маҳсулотларни тўғраб бўлгач пичоқлар яхшилаб ювиш;
тухумни пиширишдан олдин бир оз вақт содали сувда ивитиб, сўнг хлорли эритмада 15 дақиқа ушлаб туриш, кейин яхшилаб ювиш;
сабзавот, мева ва резаворларни яхшилаб оқар сувда ювиш ва қайноқ сувда чайиш;
ошхона ва шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санэпидқўмита Самарқанд шаҳрида 49 киши хот-догдан заҳарланиши юзасидан маълумот берганди. Маълум қилинишича, 14-15 август кунлари Самарқанд шаҳри Рўдакий кўчасидаги “Бир зумда” савдо шохобчасида тайёрланган хот-догдан заҳарланган 49 кишига аҳволи яхшиланганлиги сабабли уйига жавоб берилган.