ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Санитария-эпидемиология қўмитаси (Санэпидқўмита) Самарқанд шаҳрида 49 киши хот-догдан заҳарланиши юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 14-15 август кунлари Самарқанд шаҳри Рўдакий кўчасидаги “Бир зумда” савдо шохобчасида тайёрланган хот-догдан заҳарланган 49 кишига аҳволи яхшиланганлиги сабабли уйига жавоб берилган.
Ўрганиш жараёнида хот-дог тайёрлашда ишлатилган сабзи салатини Самарқанд тумани Боғи тилло маҳалласида яшовчи фуқаро М.С. уй шароитида тайёрлангани аниқланган.
Сабзи салатини тайёрлашда иштирок этган хонадон аъзолари М.С. ва А.У. иш анжомлари, тайёр сабзи салати ва ичимлик сувидан намуналар олиниб, Санэпидқўмитанинг Самарқанд шаҳар бўлими лабораторияларига юборилган.
Шунингдек, савдо шохобчасида 18 август куни текшириш ўтказилган.
Текшириш давомида қуйидагилар аниқланган: иш анжомлари маркировкаланмаган, идиш ювиш хонаси санитария қоида ва меъёрларга зид равишда ташкил этилган, хавфсизлиги кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган салатлар ишлатилишига йўл қўйилган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан "Бир зумда" савдо шохобчасининг иш фаолияти 18 августдан вақтинча тўхтатилган. Корхона раҳбари А.А.га маъмурий баённома расмийлаштирилган.