ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Самарқанд шаҳрида 49 киши тез овқатланиш кафесида тайёрланган таомдан заҳарланиб, юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Бу ҳақда STV телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, бир оиланинг тўрт нафар аъзоси шаҳарнинг Рўдакий кўчасидаги умумий овқатланиш марказида хот-дог истеъмол қилган. Уларнинг уч нафари — вояга етмаган болалар кечга яқин кўнгил айниши, тана ҳароратининг кўтарилиши ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Шифохонага жами 49 киши ётқизилган. Беморларнинг барчаси хот-дог истеъмол қилганидан кейин соғлиғида ўзгаришлар кузатилганини билдирган.
Беморларнинг 29 нафарига уйига жавоб берилган. Қолган 20 нафари даволанишни давом эттирмоқда. Шификорнинг сўзларига кўра, уларнинг аҳволи анча яхши.
Ҳозир бу овқатланиш шохобчаси фаолияти тўхтатилган. Ўша куни хот-догга солинган маҳсулотлар намуналари вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига топширилган.