ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Ўзбекистон Каспий денгизи орқали юк ташишни кўпайтиради. Ушбу масала Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевларнинг кенгайтирилган тартибдаги учрашувида муҳокама қилинди.
"Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чоралари муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.
Қайд этилишига кўра, ўтган 2022 йилда Ўзбекистон юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробар ошган ва Ўзбекистон бундан буён ҳам Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланиб, юк ташишни кўпайтириш ниятида.
Ундан ташқари учрашувида, маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда қўшма Инвестиция жамғармаси маблағларини фаол ўзлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, транспорт ва энергетика, қишлоқ хўжалиги ва маданият вазирларининг музокаралар кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Кенгайтирилган учрашув якунда давлат раҳбарлари қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этишга топшириқ бердилар.