Автобусларда йўловчиларни кечаси ташишга рухсат берилади

Ҳайдовчиларнинг йўловчиларни тунда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишига рухсат берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. 21 август куни “Транспорт воситаларида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, автобусларда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш қурилмалари бўлганда йўловчиларни тунда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишга рухсат берилади.
2024 йил 1 январдан:
шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўловчи ташувчи автотранспортлар ҳайдовчиларининг иш вақти табеллар, йўл варақлари, чиптани ҳисобга олиш варақлари тахограф кўрсаткичига асосан ҳисобга олинади;
меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилувчи инспекторлар зарур қурилмалар билан таъминланади.
Қарорга кўра, мунтазам йўналишларда йўловчи ташиш қоидаларини бузганлик, меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан Транспорт назорати инспекцияси ходимлари томонидан баённома тузиш ва маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.