ТОШКЕНТ, 21 авг — Sputnik. Давлатга тегишли ва капиталида давлат улуши бўлган 31та йирик корхона ва банклар акцияларини бошқариш Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигига қайтарилди. Бу ҳақида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинган президент қарорида айтиб ўтилган.
Қарорга мувофиқ, 2023 йилнинг 1 мартида UzAssets инвестиция компаниясига бошқарувга берилган Ўзбекистоннинг 31 та компаниялари ва тижорат банклари устав фондидаги давлат акциялари 2 ҳафта ичида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарувига қайтарилади.
Ушбу корхоналар рўйхатида Ўзбекистонинг энг йирик "Навоий КМК", "Олмалиқ КМК", "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Иссиқлик электр станциялари" АЖ, "Ўзкимёсаноат", "Навоийазот", "Ўзбекистон темир йўллари", "Ўзавтосаноат", "Uzbekistan Airways", "Uzbekistan airports" каби корхоналар ўрин олган.
Қарорда, шунингдек, бир ой ичида "UzAssets" инвестиция компаниясининг ташкилий тузилмаси, ижроия органи ва кузатув кенгаши таркибини қайта тасдиқлаш белгиланган.
Инвестиция компанияси йил охирига қадар унга бошқарувга берилган корхоналар ва банклар учун 2024 йилга бизнес режалаш ишлаб чиқиши ва бошқарув лавозимларига хорижий мутахассислар тайинлашни таклиф қилиши керак.