ТОШКЕНТ, 20 авг — Sputnik. Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Окибжон Иномов ва “EI Company” компанияси (Ҳиндистон) раҳбари Митеш Верма ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Учрашув Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси кўмагида ўтказилди.
Мулоқот чоғида Чортоқ туманида ўзаро ҳамкорликда санатория ва соғломлаштириш марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар янги қўшма соғломлаштириш масканини барпо этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Уни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, энг сўнгги билим ва технологияларни жорий қилиш, мутахассислар малакасини тизимли тарзда ошириб бориш бўйича чоралар кўриш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ҳиндистон компанияси томонидан мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя киритилиши режалаштирилмоқда.