ТОШКЕНТ, 19 авг — Sputnik. Ҳаво флоти куни муносабати билан Тошкент вилоятида авиашоулар бўлиб ўтмоқда, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги.
Ҳар йили август ойининг учинчи якшанбаси Ҳаво флоти куни нишонланади. Сана муносабати билан Чирчиқда байрам тадбири ташкил этилди.
Тошкент вилоятида жойлашган “Чирчиқ” полигонида Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари мутахассислари куни муносабати билан кўргазмали авиашоулар бўлиб ўтмоқда.
Ҳудуддаги марказий майдонда касб байрамини нишонлаётган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари, уларнинг оиала аъзолари, турли ёшдаги авиация ихлосмандлари жам бўлди.
"Кун мобайнида ҳамюртларимиз ҳарбий авиация техникалари, турли учиш аппаратларининг парвозини томоша қилиши мумкин", дейилади хабарда.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги Ҳаво флоти куни муносабати билан Чирчиқ осмонида UZAIRFORCE ёзувини ҳосил қилди. Жараён H-215 “Super Puma”вертолётида амалга оширилди.