ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар ва тинчликни барпо этиш масалалари бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
Учрашув бошида Мирослав Енча Шавкат Мирзиёевга БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ва БМТ бундан буён ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга тайёрлиги қайд этилди.
Шунингдек, Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва бу жараёнда БМТнинг минтақавий маркази ролини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ундан ташқари, узоқ муддатли Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш борасида БМТ институт ва марказлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев Гутерришнинг тинчлик масалалари бўйича ёрдамчисини қабул қилди
© Пресс-служба президента Узбекистана
Маълумот учун, кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ билан ҳамкорлиги юксак даражага чиқди. Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 6 та резолюцияни қабул қилди.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш комиссияси, ЮНЕСКОнинг маданий мерос бўйича қўмитаси ва кўплаб бошқа тузилмаларда фаол иштирок этмоқда.
Шунингдек 2023 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда БМТ Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ФАО конференцияси ҳамда Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) бош ассамблеясининг 25-юбилей сессияси ўтказилиши режалаштирилган.