ТОШКЕНТ, 18 авг — Sputnik. Ўзбекистонда тадбиркорлар эндиликда камерал назорат вақтида ҳужжатларни тақдим этиши ёки солиқ идорасига бориши шарт эмас. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давомида маълум қилди.
Президент ҳозирда камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетгани ва бу коррупцияга ҳам йўл очиб бераётганини кўрсатиб ўтди.
“Эндиликда камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади”, - деди Мирзиёев.
Шунингдек, алоҳида очиқ-ошкора платформа яратилиб, солиқчилар кўрсатган хизматлар сифатига тадбиркорларнинг ўзи баҳо берадиган тизим йўлга қўйилади.
Ҳозир солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланмоқда. Бундай амалиёт бекор қилиниши таъкидланди.
Тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарурлиги қайд этилди. Шу нуқтаи-назардан уч ойда барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.