Спорт курашлари бўйича мактабга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан Ички ишлар вазирлигининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Ҳукумат қарори билан Ички ишлар вазирлигининг Спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактабига ўқувчи-спортчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Низомга кўра, спорт мактабида ўқувчи-спортчилар контингенти, уларнинг вазн тоифаларини ҳисобга олган ҳолда, 60 нафардан иборат ҳамда таълим олиш муддати ўқувчи-спортчи Ўзбекистон терма жамоасининг асосий (ёки захира) таркибида бўлган давр мобайнида давом этади.
Спорт мактабига 18 ёш ва ундан катта спортчилар қабул қилинади.
Ўқувчи-спортчиларни сифатли танлаб олишни таъминлаш мақсадида спорт мактабида қабул ўринлари бўшаган кундан 1 ой муддатда танлов ва уни ўтказиш шартлари тўғрисида эълон берилади.
Номзодларга қуйидаги минимал талаблар қўйилади:
спорт усталигига номзоддан паст бўлмаган спорт тоифасининг мавжудлиги;
курашнинг тегишли ёш гуруҳлари ва услублари бўйича спортчилар ўртасида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида эгалланган совринли ўринлар (1–3-ўрин) мавжудлиги.
Спорт мактабига ўқишга киришда номзодлар 100 балли тизим бўйича баҳоланади, шундан 30 балл умумий жисмоний тайёргарликка ва 70 балл махсус жисмоний тайёргарликка ажратилади.