Истанбулда икки ойга етадиган сув захираси қолди – ОАВ

Истанбул ҳокими Икром Имомўғли шаҳар аҳолисни сувни тежашга чақирган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Туркиянинг Истанбул шаҳрини сув билан таъминловчи сув омборларида атиги икки ойлик сув қолди, қурғоқчилик давом этса, вазият кескинлашади. Бу ҳақда NTV телеканали хабар бермоқда.
“Шундай қилиб, шаҳарда 91 кунлик сув захираси бор, лекин 25 фоизи буғланишини ҳисобга оладиган бўлсак, захира 61 кунга етади, холос”, - дея аниқлик киритган телеканал.
Истанбул сув ресурслари ва канализация бошқармаси (İSKİ) маълумотларига кўра, 16 август, чоршанба ҳолатига кўра, сув ҳавзаларини тўлдириш даражаси 33,37 фоизга етган. Бу 289 миллион куб метрдан ортиқ сув ҳисобланади. Шу билан бирга, сўнгги икки ҳафта ичида шаҳарда кунига 3 миллиондан 3,5 миллион куб метргача сув истеъмол қилинган.
İSKİ хабарига кўра, ўнта йирик сув омборининг ярми деярли саёзлашиб қолган: улар 2 фоиздан камроқ тўлган. Сув захираларининг 80 фоиздан зиёд учта сув омборида – Ўмерли, Дарлик ва Теркосда.
Синоптиклар маълумотларига кўра, яқин ўн кун ичида Истанбулда ёғингарчилик кутилмаяпти. Ҳаво ҳарорати +30...+32 даража бўлади. Шаҳар ҳокими Икром Имомўғли шаҳар аҳолисни сувни тежашга чақирган.