Аудиторлик ташкилотини реестрга киритиш тартиби белгиланди

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. Аудиторлик ташкилотини реестрга киритиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 387-сонли қарори билан регламент тасдиқланди.
Регламентга кўра, ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали рўйхатдан ўтади.
Сўровнома тўлдирилиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ваколатли орган)га юборилади.
Ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб 5 иш куни мобайнида аудиторлик ташкилотини реестрга киритади ёки уни рад этади.
Ваколатли орган қуйидаги ҳолларда давлат хизматини кўрсатишни рад этади:
ариза берувчи томонидан тегишли камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса;
аудиторлик ташкилоти “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддаси талабларига мувофиқ бўлмаса.
Давлат хизмати кўрсатилганлик учун тўлов ундирилмайди.
Аудитор — бу корхонанинг молиявий ҳисоботларини аудиторлик текширувини ўтказадиган, таҳлил қиладиган, башорат қиладиган ва маслаҳат берадиган мутахассис.
Аудиторлик ташкилоти ўзи ҳақидаги маълумотлар Аудиторлик ташкилотларининг реестрига киритилган санадан эътиборан аудиторлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир. Аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга оширишда мустақилдир.
Аудиторлик ташкилоти вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.
Ваколатли давлат органи Аудиторлар реестрини юритади, унда қуйидагилар кўрсатилади:
аудиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
аудиторнинг иш жойи;
сертификатнинг рақами, берилган санаси;
сертификат олган шахснинг фамилияси, исми ва имзоси, шунингдек сертификат олинган сана ва унинг амал қилиш муддати;
аудиторнинг ҳар йилги малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
халқаро бухгалтер сертификатининг (мавжуд бўлган тақдирда) номи ва берилган санаси;
сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш, сертификатнинг амал қилишини тугатиш, уни қайта расмийлаштириш ва унинг дубликатини бериш тўғрисидаги маълумотлар.