Тошкентда Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи таҳлилий марказлари экспертлари замонавий шароитда давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Тошкентда "Марказий Осиё: жаҳон жараёнлари ва барқарор ривожланиш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
Тадбирда етакчи таҳлил марказларининг миллий ва россиялик экспертлари, Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирок этди.

“2017 йилдан буён Марказий Осиё минтақаси кескин ўзгариб, барқарорлик, бирдамлик ва халқаро субъективликка эришмоқда”, - деди ўз нутқида Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Шерзод Файзиев.

Унинг сўзларига кўра, ижобий ўзгаришларнинг асосий омили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Тошкентнинг янги ташқи сиёсат йўналиши бўлди.
“Ушбу сиёсатнинг амалга оширилиши кўп йиллар давомида Марказий Осиё давлатларининг ривожланиши ва ҳамкорлигига тўсқинлик қилиб келаётган кўплаб тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш имконини берди”, — деди Файзиев.
У мисол тариқасида минтақа давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошганини, қўшма корхоналар сони 4 бараварга, ўзаро ташрифлар ҳам 4 баробарга ошганини келтириб ўтди.
Давра суҳбати Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Миллий тадқиқот университетининг Олий иқтисодиёт мактаби (Россия) Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факултети ҳамкорлигида ташкил этилди.