ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Ўзбекистондаги халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли (яшил ва қизил) тизим тугатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар қилди.
11 август куни Ҳукуматнинг тегишли қарорига божхона маъмурчилигини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўтган йил баҳорида Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида "масофавий божхона назорати" тизимини жорий этиш белгиланган эди.
“Шу муносабат билан эндиликда халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида икки йўлакли (яшил ва қизил) тизим тугатилди”, - дейилган хабарда.
Масофавий божхона назорати — халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни махсус ажратилган жойларда хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда танлаб олиш тамойили асосида ҳамда масофавий визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайдиган тизим.
Халқаро аэропортларининг учиб кетиш йўналишида жисмоний шахсларнинг божхона декларациясини расмийлаштириш ва уларга божхона конунчилиги бўйича тушунтиришлар бериш учун йўловчилар ҳаракатига таъсир қилмайдиган алоҳида божхона расмийлаштируви жойи ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 январдан Тошкент ва бошқа шаҳарлар аэропортларида икки йўлак тизими ишга тушган эди.