Турк компанияси Навоийда жаҳон стандартларига мос замонавий лаборатория очади

Учрашувда вилоятда жаҳон стандартларига мос замонавий лаборатория ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Навоий вилояти ҳокимлигида Туркиянинг “Diaclinica” тиббиёт компанияси раҳбари Меҳмед Эмин бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарга кўра, учрашувда вилоятда жаҳон стандартларига мос замонавий лаборатория ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Ўз навбатида вилоят раҳбарияти бу борада кўмак ва ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
Музокаралар натижасида соҳага Туркия инвестициясини жалб қилиш бўйича келишувга эришилди.
“Diaclinica” ўз фаолиятини 2002 йилда бошлаган. 2007 йилдан дунё бўйича “Bioanalytic” бренди остида юқори сифатли диагностика реагентлари ва тўпламларини ишлаб чиқариш ҳамда етказиб бериш борасида ҳам фаолият олиб боради.
Компания Ўзбекистон бўйича ўз филиалини Навоийда очган ва марказлашган лаборатория ташкил этиш учун юқори аниқликдаги технологияларни олиб кириш ишларини бошлаб юборган.