ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Қозоғистон уй-жой коммунал хўжалик ташкилотлари вакиллари Ўзбекистонда ушбу соҳада эришилган ютуқлар билан танишди, деб хабар қилмоқда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.
Бугун Тошкентда уй-жой фондини профессионал бошқарувчи ва унга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида коммунал хизматлар соҳасида тажриба алмашиш мақсадларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчиларига коммунал соҳадаги иш фаолияти, эришилган ютуқлар, келгуси мақсад ва режалар, соҳада ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳақида маълумот берилди.
Халқаро конференция якунида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева қозоғистонлик кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларини пойтахтнинг Учтепа ва Чилонзор туманидаги бошқарув ташкилотлари фаолияти ҳамда туманлардаги кўп қаватли уйларда пилот лойиҳа сифатида амалга оширилган санация ишлари билан таништирди.
Шунингдек, кўп қаватли уйларда энергия самарадорликни ошириш бўйича қўлланилаётган технологиялар юзасидан маълумотлар берилди. Лойиҳа иштирокчилари кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмида амалга оширилган таъмирлаш, хусусан, кўп қаватли уйларни санация дастури асосида базальт қопламалари билан қоплаш ишлари намойиш этилди.