Қирғизистонда болалар ўртасида ноанъанавий жинсий муносабатларни тарғибот қилиш тақиқланди

Бундан ташқари, болалар ўртасида гиёҳвандлик, тамаки, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш майлини уйғотувчи ахборот тарқатиш тақиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Қирғизистонда болалар ўртасида ноанъанавий жинсий муносабатларни тарғибот қилиш тақиқланди. Мамлакат президенти Садир Жапаров тегишли қонунни имзолади, дея ёзади Sputnik Қирғизистон.
Таъкидланишича, қонун болалар ва ўсмирларнинг ахлоқий, жисмоний, психологик ва ижтимоий саломатлигини таъминлаш, сақлаш ва мустаҳкамлаш учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш мақсадида қабул қилинган
Ҳужжатга кўра, болалар саломатлиги ёки ривожланиши учун зарарли ахборотлар, хусусан, оилавий ва анъанавий ижтимоий қадриятларни инкор этадиган, ноанъанавий жинсий алоқаларни тарғибот қиладиган ва ота-онага ёки бошқа оила аъзоларига ҳурматсизликни шакллантирадиган маълумотларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, болалар ўртасида гиёҳвандлик, тамаки, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш майлини уйғотувчи ахборот тарқатиш тақиқланди. Ўзига зарар келтирувчи, зўравонлик ва ноқонуний хулқ-атворни оқловчи, беадаб сўзлар бўлган ахборот ва порнографияни ҳам тарқатиш мумкин эмас.
Болалар соғлиғи ёки ривожланишига зарар етказадиган ахборотни, жумладан, оммавий ахборот воситалари ёки интернет орқали тарқатганлик учун айбдор шахслар жавобгарликка тортилади.