Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига ўринбосар сайланди

Депутатлар томонидан Бекзод Наримановни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари лавозимига сайлаш тавсия этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) ўринбосар сайланди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Депутатлар томонидан Бекзод Наримановни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари лавозимига сайлаш тавсия этилди.
“Конституцияснинг 93-моддаси биринчи қисмининг 16-банди ҳамда “Олий мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига асосан Бекзод Наримановни омбудсман ўринбосари лавозимига сайлаш тавсия этилди”, дейилади хабарда.
Мажлисда депутатлар муҳокамалардан сўнг Нариманов номзодини омбудсман ўринбосари лавозимига сайлашди ва мазкур қарор Сенатга юборилди.
Нариманов 1984 йилда туғилган. Ҳозирда Тошкент давлат юридик университетида Конституциявий кафедраси мудири бўлиб ишлайди.
Маълумот учун, вакил ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, Вакил ўринбосари унинг вазифасини янги Вакил сайлангунига қадар бажариб туради. Вакил учун белгиланган кафолатлар ана шу даврда унга нисбатан татбиқ этилади.
Омбудсман мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.