Арипов Қирғизистон президенти билан учрашди

Бош вазир бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Қирғизистонда бўлиб турибди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 авг — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегациясини Қирғизистон президенти Садир Жапаров қабул қилди. Бу ҳақда бош вазир матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Арипов Қирғизистон президентига давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Ўз навбатида, Қирғизистон раҳбари мамлакат етакчисини ва бутун Ўзбекистон халқини президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан яна бир бор самимий табриклади.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижросини таьминлаш, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт, сув ва қишлоқ хўжалиги ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди.
15-16 август кунлари Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўнинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакат ҳукумати делегацияси қўшни давлатда бўлиб турибди.