Қирғизистон Қозоғистонга Киров сув омборидан сув етказиб беришни тўхтатди

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, Талас водийси манбаларида сув сатҳи жуда пастлигича қолмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Август ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб Қирғизистон Қозоғистонни Талас дарёси орқали сув билан таъминлашни тўхтатди. Бу ҳақда Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди, деб ёзади Sputnik Қирғизистон.
Қозоғистон билан сув тақсимоти ҳар йили суғориш даври бошланишидан олдин сувни тортиб олиш жадвалларига мувофиқ амалга оширилади, бироқ бу йил “манбалардаги сув миқдори камлиги билан боғлиқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда, фақат июнь ойида тасдиқланган”.
Июль ойида Бишкекда икки давлат вакиллари ўртасида Чу ва Талас дарёлари бўйлаб сув тақсимоти масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Қозоғистонликлар Жамбил вилоятига суғориш суви етказиб берилиши муносабати билан Талас дарёси ҳавзасидаги сув масаласи муаммоли эканлиги ҳақида маълум қилиб, Киров сув омборидан сув оқимини 18 июлдан 31 июлгача сониясига 45 кубометргача оширишни сўрашди.

“Қозоғистон томони сониясига 45 кубометр тезликда сув етказиб берилганда, 1 августга келиб Қозоғистоннинг улуши жами 3,54 миллион кубометрни ташкил этиши, бу миқдор 10 кубометр тезликда етказиб берилганда ҳам, 2023 йил 4 августгача тугаши ҳақида хабардор қилинган. Қозоғистон юқоридаги сўровидан воз кечмади. Қирғизистон сувни айланиш жадвалини жорий қилиш орқали сув олиш лимитини сақлаб қолди, гарчи Қирғизистон Республикаси деҳқонлари ҳам суғориш сувига жуда муҳтож бўлса-да. Талас водийси манбалари сатҳи жуда пастлигича қолмоқда”, — дейилади хабарда.

Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Галидулла Азидуллин ва Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги хизмати директори Алмазбек Сокеев протокол имзоладилар. Унга кўра август ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб Қозоғистонга Талас дарёси бўйлаб сув етказиб берилмайди.
“Киров сув омборида сув оқими ошса, Қозоғистон учун сув йиғиш масаласи кўриб чиқилади. Бугунги кунда сув омборига сув оқими секундига бир кубометрни ташкил этмоқда, сув оқимининг ортиши кузатилмаяпти. 2022 йилда сув оқими секундига 13,7 куб метр сувни ташкил этди. Қозоғистон чегара бўйлаб коллектор-дренаж тармоғи орқали Талас каналидан сониясига 5—8 метр ҳажмда сув олиш имкониятига эга”, — дея тушунтирди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.