ТОШКEНТ, 14 август – Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярмида ЕОИИда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 фоизга ўсган.
“2023 йилнинг январь-июнь ойларида Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларида саноат ишлаб чиқариши 2022 йилнинг январь-июнига нисбатан 102,8 фоизни ташкил этди”, — дейилади ЕИК баёнотида.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ишлаб чиқаришнинг республика бўйича ўсиши:
Беларусь - 6%,
Қозоғистон – 3,8%,
Россия - 2,6%,
Арманистон - 1%,
Қирғизистон - 0,4%.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.