ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) журналистлар камераси синдирилиши ва калтакланиши юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилди.
14 август куни аэропорт йўлида қурилаётган йўл ўтказгичнинг балкалари қулаб тушганидан сўнг, вазиятни ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борган "Zo'rTV" телеканали мухбири ва тасвирчисига қурилиш компанияси вакили томонидан куч ишлатилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
АОКА ушбу ҳолатни қоралаб вазиятга баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига рамий мурожаат йўллади.
"Агентлик журналистик фаолиятга тўсқинлик қилувчи ва ОАВ ходимларига нисбатан бўладиган ҳар қандай тазйиқни кескин қоралайди. Шунга кўра, Агентлик ўз ваколат доирасидан келиб чиқиб, бўлиб ўтган воқеликка ҳуқуқий баҳо бериш ва адолатли қарор қабул қилишларини сўраб Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллади", - дейилади хабарда.
АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жараён ўрганилиши ҳамда хизмат текширувлари натижаларини диққат билан кузатиб боради ва бу ишни назоратга олади.
Маълумот учун, Ўзбекистон “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, ушбу қонуннинг 14-моддасида ҳақорат қилиш, қасддан шикаст етказиш ва мулкни қасддан нобуд қилиш учун жавобгарлик ҳам белгиланган.