ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Собиқ "Уммон" гуруҳи хонандаси Зоҳид Рисқиевга оид жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 9 августдаги ҳукмига кўра, Рисқиев Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбдор деб топилган.
Унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хонандага нисбатан ЖКнинг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб ва тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланди.
Қайд этилишича, cобиқ хонандага жазо тайинлашда унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, уларнинг судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб берган фикри, судланувчининг соғлиғи оғир аҳволда эканлиги инобатга олинган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 29 сентябрида Тошкентда собиқ "Уммон" гуруҳи аъзоси Зоҳид Рисқиев бошқарувидаги машина аянчли ЙТҲга учраган эди. Бунинг оқибатида хонанданинг ўзи ва икки ҳамроҳи шифохонага ётқизилган, машинада бўлган яна бир киши эса воқеа жойида вафот этган эди.