ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги ҳарбий делегация Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ақтау халқаро аэропортида меҳмонларни Қозоғистон мудофаа вазири генерал-полковник Руслан Жақсилиқов фахрий қорвул ҳамроҳлигида кутиб олди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.
Таъкидланишича, ўзаро суҳбат давомида икки давлат мудофаа вазирлари қардош халқларнинг ҳамкорликда эришилаётган ютуқларига тўхталиб ўтишди.
Визит министра обороны Узбекистана Баходира Курбанова в Казахстан
© Министерство обороны Узбекистана
Шунингдек, томонлар жанговар тайёргарлик, ҳарбий таълим ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси соҳасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.
Шундан сўнг мудофаа вазирлари Ўзбекистон—Қозоғистон Мудофаа вазирликларининг Ақтау гарнизонида жойлашган "Оймаша" полигонида ҳамкорликда ўтказаётган махсус-тактик ўқувни кузатишга йўл олди.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ҳарбийлар бир неча кундан буён Қозоғистонда ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқувларида қатнашмоқда.