Энергетика тизими раҳбарлари бугундан фавқулодда режимга ўтади – президент

Аҳолининг талабини тўлиқ қоплаш учун ҳудудларга қўшимча 35 минг дона газ баллонларини етказиб бериш, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 335 минг тонна суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш топширилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Бухородаги йиғилишда энергетика комплекси раҳбарлари ва ҳокимларга тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан қатор топшириқлар берди.
Иккинчи ярим йилликда 30 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш ва 41 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш, уларни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш, ер ости газ омборларида газ захирасини камида 3,5 миллиард куб метрга етказиш топширилди.
1 октябргача 1 минг 100 километр тармоқлар ва 402 та трансформаторни таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш вазифаси қўйилди
Аҳолининг талабини тўлиқ қоплаш учун ҳудудларга қўшимча 35 минг дона газ баллонларини етказиб бериш, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини 335 минг тонна суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш топширилди.
Йил якунига қадар 400 минг тонна бензин ишлаб чиқариш ва 120 минг тонна импорт қилиш зарурлиги таъкидланди.
“Масъул раҳбарлар куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш учун бугундан бошлаб фавқулодда режимга ўтади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот котиби хабарида.
Энергетика комплекси раҳбарияти вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда йил якунига қадар 3,7 миллиард киловатт соат электр ва 2,4 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш чораларини кўради.
Ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида, тадбиркорлик объектларида яна 250 мегаватт қуёш панелларини ўрнатиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.