Айрим шахслар ер учун барча тўловлардан озод қилинади

Бўш турган 100 минг гектар яйловлар чорваси бор аҳолига камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Ўзбекистонда “Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳоли ер учун барча тўловлардан озод қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокида Бухоро вилоятида ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби.
Қайд этилишича, пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, бу йили кузда ва келгуси йил баҳорида яна 70 минг гектар экин ерларини аҳолига тарқатиш режа қилинган.
Лекин ҳокимлар бугунги кунгача ажратилган 200 минг гектардан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, сув таъминоти ва унумдорлиги яхши бўлмагани учун жами ерларнинг 13 минг гектари ёки 8 фоизи қаровсиз турибди.
Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда атиги 15 фоиз ерлар эҳтиёжманд оилаларга берилган.
“Шу муносабат билан дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилиши белгиланди”, дейилади хабарда.
Бўш турган 100 минг гектар яйловлар чорваси бор аҳолига камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади.

“Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган эҳтиёжманд аҳолига ерларни беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилинади", дея қўшимча қилинган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев икки кунлик ташриф билан Бухоро вилоятида бўлиб турибди. Президент ташриф давомида саноат корхоналари ва маҳаллалар ҳаёти билан танишди, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширди.